Яқин Шарқдаги энг қадимги алифбо топилди

Қадимий кўза парчаларидаги ҳарфлар

2018-йили  Австриялик ва Исроиллик археологлар Исроилнинг Тел Лахиш деган ҳудудида эр.ав. XV асрга оид кўза парчаларини топиб олган эдилар. Кўзага шу кунгача маълум бўлмаган алифбо ҳарфлари туширилган эди. Antiquity журналининг хабар беришича, 3 йил давом этган тадқиқотлар натижасида олимлар бу алифбони қадимги Миср ва Левент (Ироқ, Сурия ва Туркиянинг бир қисми) алифболари орасидаги ўтиш варианти деб баҳоладилар ва уни яқин Шарқнинг энг қадимги алифбоси деб эълон қилдилар.

Илк ҳарфий рамзлар қадимги Мисрда эр.ав. XIX  асрда пайдо бўлган бўлса, ҳаммамиз учун одатий бўлган илк фонетик алифбо эр.ав. XIII асрда Яқин Шарқда ихтиро қилинган.  Бугунгача олимлар бу икки алифбо ўртасида ўтган вақт оралиғида қайси рамзларнинг ишлатилганини топа олишмаётган эдилар.

Феликс Хёфлмайер бошчилигидаги археологлар гуруҳи юқорида тилга олинган топилмадаги алифбони  3450 йиллик деб баҳолашмоқда.

Левант ва Финикия аҳолисидан алифбо системасини ўзлаштириб олган юнонлар уни римликларга олиб келишади. Шундан сўнг алифбо юнон ва лотин алифболари асосида бутун Европага тарқалиб кетади.

Кўза синиқларида сақланиб қолган ҳарфлар диагонал бўйлаб ёзилгандир. Олимлар уларни Арабистон яриморолида ишлатилган алифбонинг ҳарфлари деб ҳисобламоқдалар. Улардан баъзилари, масалан “айн” ҳарфи бугун ҳам араб ва яҳудий алифболарида ишлатилмоқдадир. Фақат бу қадимги алифбода ҳарф инсон кўзига ўхшаш рамз билан ифодалангандир, “айн” сўзининг маъноси ҳам кўздир.