Афғон ёшлари тинчлик исташмоқда

Кўпчилик афғон ёшларининг айтишича, агар мамлакатда охирги йилларда рўй берган баъзи салбий ўзгаришлар бўлмаганда эди, улар янада кўпроқ муваффақиятга эришган бўлар эдилар.

20 яшар Мина Ҳайдарийнинг айтишича, у Афғонистонда АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари келиб жойлашган пайтда катта бўлган. Бу вақтларда мамлакатда қизларнинг таълим олиши учун яхшироқ имкониятлар берилган эди.

Ҳозирда университетнинг 2-босқич талабаси бўлган Мина Қобул маданият марказида кутубхоначи бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, оиласидаги ёши катталар унга аёлларнинг ўтмишда, айниқса 1990-йилларда кўплаб чеклов ва таъқиқларга дучор бўлганини ҳикоя қилиб беришган.

 “Ҳозирда жамиятимизда оилалар ўз аъзосининг, айниқса аёл кишининг таълим олиб, ўқимишли бўлгани, жамиятда ҳурматга сазовор инсон бўлгани билан фахрланишмоқда”.

Афғонистонлик  ёшларнинг айтишича, мамлакатдан АҚШ ва НАТО қўшинлари чиқиб кетаётган бўлишига қарамай, улар ўз келажакларига умид билан қарашмоқда ва тинчликни орзу қилишмоқда.

Ҳозирда ўқимишли ёшларнинг кўпчилиги охирги 20 йил ичида ҳукумат ва турли шахсий ташкилотларда салмоқли роль ўйнай бошлашган.