Америкалик дипломат Россияда темир йўлдан светофор ўғирлади

Ижтимоий тармоқларда америкалик дипломатнинг Россиядаги темир йўл кўрсаткичи механизмини ўғирлаши акс этган видеони тарқалди.

Душанба куни Россиянинг НТВ телеканали бир одам темир йўл кўрсаткичи механизмини жойидан суғуриб олиб, аввал йўлнинг ёнига улоқтиргани, сўнг уни кўтариб ўзи билан яқин атрофдаги ўрмонга олиб кетаётгани тасвирланган кадрларни намойиш қилди.

ОАВ бу одам америкалик дипломат Паркер Уилсон эканлигини аниқлади.

Аввалроқ Россия ТИВ вакили Мария Захарова ҳодиса Твер вилоятидаги (Россиянинг Европа қисми маркази) темир йўл станциясида содир бўлганлигини айтган. Полиция хабарига кўра, бир киши темир йўл кўрсаткичи механизмини узиб олган ва уни дипломатик рақамли машинанинг юкхонасига жойлаган.

Шу куни полиция АҚШ элчихонаси ходими ҳайдаб кетаётган машинани тўхтатган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатнинг хатти-ҳаракатлари поезд йўловчиларининг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиришини маълум қилди.

Кейинчалик элчихона ўз ходимининг дипломатик иммунитетини олиб ташламай, АҚШга юборган.