АҚШ Капитолийсидан тўсиқлар олиб ташланмоқда

Тўс-тўполонлардан олти ойдан кўпроқ вақт ўтгач, АҚШ Капитолий биносини ўраб турган хавфсизлик тўсиқлари аста-секин олиб ташланмоқда.

Бино хавфсизлиги бўйича янги берилган баҳолар таҳдид даражасининг пасайганлигини таъкидламоқда ва 6 январдан бироз ўтиб қурилган улкан девор шанба куни олиб ташланиши ҳақида қарор қилинди.

Президент Трампни қўллаб-қувватлаган ўнг қанот экстремистлар гуруҳи январь ойида Конгресс биносига бостириб киргандилар. Бу воқеа нафақат америкаликларни, балки бутун дунёни ҳайратда қолдирганди.

Ҳужум ва унинг оқибатларини текшираётган тергов қўмитаси талатўпга қарши курашган полиция зобитлари ва ундан кейин тозалаш ишларини олиб борган ходимлар иштирокида биринчи оммавий тингловни ўтказиши кутилмоқда.

Федерал қидирув бюросининг билдиришича, тўполонларда 70 нафардан ортиқ одам иштирок этган. Уларнинг ҳаракатларига «экстремистик» дея баҳо берилмоқда.

Ҳужумдан сўнг Конгресс биносига минглаб Миллий Гвардия аскарлари жойлаштирилган ва бино хавфсизлик симлари билан ўралган, натижада Капитолий бир неча ой давомида тирик жон яқинлаша олмайдиган қалъага айлантирилган эди.

Март ойида ташқи периметр тўсиқлари демонтаж қилинган бўлсада, сим-тиканли тўсиқлар, Капитолий тепалиги атрофини айланиб ўтиш учун ўрнатилган тартиб ва бинога ташриф буюрувчиларга қўйилган тақиқлар ҳар икки томон депутатларининг ғазабига сабаб бўлганди.