АҚШ расмийлари Трампнинг собиқ маслаҳатчисини БАА лоббисига ишлагани учун ҳибсга олишди

АҚШ ҳукумати собиқ президент Доналд Трампнинг собиқ маслаҳатчисини БАА учун ишлаган дейилган гуруҳда ишлаганини маълум қилмаганликда айблаб ҳибсга олди.

74 ёшли Томас Баррак 2016-2018 йилларда БАА ҳукумати номидан Доналд Трампга таъсир ўтказишга уринишда айбланиб, ушбу фаолиятни қонунлар талаб қилганидек эълон қилмаган.

Бош прокурорнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Марк Лесконинг айтишича, Томас Баррак, яна икки киши билан бир қаторда, Доналд Трамп президентликка номзод бўлган пайтида у сайловда ютгандан кейин унинг маъмуриятининг ташқи сиёсатига таъсир ўтказишда айбланмоқда.

Томас Баррак 2016 йил апрел ва ноябрь ойлари оралиғида, АҚШнинг 45-президенти, Трампнинг инаугурацияси бўйича ташкилий қўмитанинг раиси лавозимига тайинланишидан олдин, республикачилар номзодининг сайловолди кампаниясининг норасмий маслаҳатчиси бўлган ишбилармон сифатида танилган эди.

2017 йил январидан бошлаб Баррак бир қатор юқори лавозимли амалдорларга АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати тўғрисида маслаҳат берди.

АҚШ Адлия вазирлигининг баёнотида, хусусан, Республикачилар партиясидан номзод 2016 йил май ойида сайловолди ташвиқоти пайтида АҚШнинг энергетика сиёсати тўғрисидаги нутқи ҳақида сўз юритилиб, Баррак ушбу нутққа БААни қўллаб-қувватловчи хатбошиларини киритганлиги кўрсатилган.

Баррак, шунингдек, АҚШ Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2017 йил март ойида АҚШнинг Абу-Дабидаги элчиси этиб БАА томонидан кўрсатилган номзодни тайинлаш учун ҳаракат қилишда айбланмоқда.

Шуниси эътиборга лойиқки, “лобби” гуруҳларининг хорижий ҳукуматлар манфаати учун ишлаши Қўшма Штатларда қатъий назорат остига олинади, Вашингтон эса анъанавий тарзда БААни ўзининг энг таниқли минтақавий иттифоқчиларидан бири деб билади.

 АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга яқин бўлган бир қатор одамлар Томас Барракдан олдин хорижий ҳукуматлар учун айни шу иш бўйича айбдор деб топилган, хусусан Трампнинг 2016 йилги сайлов кампаниясининг собиқ директори Пол Манафорт ва Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Рожер Стоун. Улар судланган, аммо собиқ президент ваколат муддати тугаши билан уларни авф этган.