Автоном микро атом реакторлари

Ядро энергетикасининг асосий муаммоси ядро чиқиндилари ҳисобланади. Аммо Окло стартап лойиҳаси анъанавий атом станцияларининг ядровий чиқиндиларидан фойдаланадиган микро-реакторларни яратишни режалаштирмоқда.

Катта атом электростанцияларини қуриш ва ишга тушириш учун бир неча йиллар керак бўлади. Силикон водийсида жойлашган Окло эса бу қарашни ўзгартиришни ва истеъмолчиларни атом энергияси билан таъминлайдиган кичик ўлчамдаги ядро реакторларини қуриш режасини ишлаб чиқди.

Энергия ишлаб чиқаришнинг рентабеллигини сақлаб қолиш мақсадида компания реакторларнинг ишлаш жараёнида инсон иштирокини чекламоқчи.

Окло 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, компания ядровий чиқиндиларни қўлга киритиш ва ўз технологиясини намойиш этиш учун етти йил сарфлади.

2019 йилда компания 1,5 мегаватт қувватга эга бўлган экологик тоза ва қуёш панеллари билан жиҳозланган микро-реакторни яратиш режаларини эълон қилди.

Ушбу электростанциянинг қуввати анъанавий атом электр станцияларига таққослаганда камроқ кўриниши мумкин, аммо у саноат корхоналари, йирик компаниялар ва университетларни тўлиқ қувват билан бемалол таъминлай олади. Компаниянинг таъкидлашича, унинг микро-реакторлари 1 йил давомида қуриб битказилиши мумкин. Окло 2025 йилга қадар бир нечта реакторни битказиб, ишга туширмоқчи. 

Мини-реакторларда қайта ишлаш учун мўлжалланган ядровий чиқиндилар ишлатилади. Компания реакторларининг 20 йил давомида қайта ёнилғи қуйишсиз тўхтовсиз ишлаши мумкинлигини таъкидламоқда.