Баъзи америкаликларга коронавирусга қарши вакциналарнинг кучайтирадиган дозаси керак бўлиши мумкин

Америка Миллий Аллергия ва Юқумли касалликлар институти директори Энтони Фауси, иммунитети заиф бўлган, коронавирусга қарши эмланган баъзи кишиларга кучайтирувчи дозалар керак бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Фауси якшанба куни “CNN” га берган интервюсида шундай деди: “Орган трансплантацияси ёки саратон касаллиги учун кимёвий терапия оладиганлар ва аутоиммун касалликларга чалинган, иммуносупрессив режимларга дучор бўлганлар қўшимча дозага биринчи бўлиб ҳақли бўладилар”.

Аввалроқ “CNN” манбаларига иқтибос келтирган ҳолда, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти коронавирусга қарши чораларни кўриб чиқаётгани, жумладан, жамиятнинг бир қатор гуруҳларига эмлашнинг учинчи дозасини бериш ва ниқоб тақиш талабларини кучайтиргани ҳақида хабар берган эди.

Қўшма Штатларда коронавирусга чалиниш кундалик сони сезиларли даражада кўпайиб бормоқда. Бу кўрсаткич ўтган ҳафта 40 мингдан ошиб кетди, июнь ойида 11 мингга камайган эди.

Америка Қўшма Штатлари коронавирус юқтирганлар сони бўйича дунёда 34,431 миллион ҳолат билан биринчи ўринда, шунингдек, 610 минг ўлим ҳолати билан пандемия туфайли ўлганлар сони бўйича биринчи ўринда туради.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг маълумотларига кўра, мамлакатдаги 163 миллионга яқин одам ушбу касалликка қарши тўлиқ эмланган.