БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурияга ёрдам механизми муддатини бир йилга узайтирди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши жума куни Сурияга гуманитар ёрдамни Туркия орқали етказиб бериш учун трансчегаравий механизм ваколати муддатини яна бир йилга узайтиришни тасдиқлади.

Суриядаги Баб ал Ҳава ўтиш пункти Туркиядан Суриянинг мухолифат назорати остидаги сўнгги ҳудуди – Идлибга чегара орқали гуманитар ёрдам етказиб беришнинг ягона йўли ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, бу механизм “3,4 миллиондан зиёд сурияликлар учун ҳаёт-мамот масаласидир”.

Кенгашдаги овоз бериш жараёнида Халқаро Амнистия ташкилотининг БМТдаги ваколатхонаси раҳбари Шерин Тадрос БМТ резолюцияси инсонпарварлик эҳтиёжларини қондириш учун тўла жавоб бермаслигини ва Россия сурияликларнинг эҳтиёжларини эътиборсиз қолдираётганини айтди.

АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Линда Томас Гринфилд ушбу резолюцияни олқишлаб, “Биз бу ерда эришган гуманитар келишув том маънода кўплаб ҳаётларни сақлаб қолади” деди.