Борис Жонсон: Буюк Британиянинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси расман охирига етди

Борис Жонсон “терроризмга қарши уруш” бошланган 11 сентябрь кунидан 20 йил ўтиб, сўнгги қўшинларнинг шошилинч ва яширин тарзда чиқиб кетиши ортидан Буюк Британиянинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси тугаганини эълон қилди.

Бош вазир 457 нафар инглиз аскарининг ҳаётига зомин бўлган ушбу уруш, Толибон Буюк Британия, АҚШ ва бошқа давлатларнинг ҳарбий кучлари мамлакатни тарк этиши ортидан туманларни тезкор суръатларда эгаллаётган бўлса ҳам, ўз ниҳоясига етганини тасдиқлади.

Парламентнинг Қуйи палатаси олдида нутқ сўзлаган Жонсон “НАТОнинг Афғонистондаги миссиясига бириктирилган барча инглиз қўшинлари энди уйларига қайтмоқдалар”, – деди.

Қуролли кучлар бош қўмондони Сер Ник Картер мудофаа бўйича алоҳида брифингда Афғонистондаги сўнгги янгиликлар “жуда ачинарли” эканлигини тан олди, аммо афғон ҳукумат ҳарбийлари шаҳарларни ҳимоя қилиш учун қайта жамланаётганини таъкидлади.