Бош шифокор мазаҳланди

Англия бош шифокори Крис Уитти Лондонда жойлашган Сент Жеймс истироҳат боғида бегоналар томонидан “даҳшатли зўравонлик” ва “шафқатсиз таъқиб”га дучор бўлди. Бўлиб ўтган воқеадан кейин унга соқчи-қўриқчилар бириктирилиши мумкин.

Душанба куни ижтимоий тармоқларда икки нафар ёш йигит профессор Уиттининг йўлини тўсиб олишиб, унинг устидан кулишгани ва у билан селфи-суратга тушишга уринишгани, давлат хизматчисини қучоқлаб, уни кетишга йўл қўйишмаётгани тасвирланган видеотасвирлар тарқалди. Ушбу видеотасвирларни кимлар олгани номаълумлигича қолмоқда.

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон бундай шафқатсиз таъқиблардан ҳайратга тушганини тан олди. Қироллик ички ишлар вазири Прити Пател КОВИД-19га қарши курашга кўп ойлар давомида умрини бағишлаган ажойиб ва заҳматкаш давлат хизматчисига нисбатан бўлган муомаладан “ғазабга” тушди. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Надҳим Захави эса, безориларни “каллакесарлар” деб атади ва уларни жазолашга чақирди.

Бир қатор юқори лавозимли амалдорлар Борис Жонсонга бундай ҳодисалар такрорланмаслиги учун Уиттига ҳимоя тақдим қилинишини сўрадилар.