Дунёдаги биринчи «нафас оладиган» компьютер

Дизайнер Мэтт Перкс компьютер технологиясининг янги ривожланиш даражасини белгилаб бермоқда. У ўзининг мисли кўрилмаган ҳаракатлари туфайли ушбу техника процессорининг совутилишини таъминлайдиган биринчи “нафас оладиган” компьютерни ишлаб чиқди.

Мэтт Nvidia RTX 3080 график картаси (дунёдаги энг етакчи видео карталардан бири) ва 16 ядроли AMD Ryzen 5950X процессор (бундай техник параметрларга эга процессорни ким ҳам хоҳламайди дейсиз) ўрнатилган ўта сифатли графикани тақдим этувчи «ўйин» машинаси учун шовқинсиз совутиш тизимини ишлаб чиқишни хоҳлади.

Ушбу совутиш тизими ихчам бўлмасада, унинг ҳаво сўрувчи ва ўтказувчи қисми кейснинг пастки бўлимида жойлашган. Компьютер компонентлари эса тизимнинг устига ўрнатилган. Компьютер «тана»сини совутиш учун нафас олиб чиқариш жараёни магнитлар ва инновацион акрил панеллар орқали амалга оширилади. Акрил сильфон (букланувчи қувур), шамоллатиш тешикчалари ва сув деворидан фойдаланиш натижасида энг яхши ва кучли процессорлардан бири шовқинсиз ва тезликда совутилиши мумкин.

Тизим совуқ ҳавони компьютер компонентларига йўналтириш ва радиатор орқали ўтказиш имконини беради. Кейс ичидаги барча иссиқ ҳаво массаси унинг юқори қисмидан ташқарига чиқариб ташланади.

Синов босқичида процессор ва график қурилмаларнинг ҳарорати 60 C – 62 C даражада сақланган. Бу кўрсаткич ушбу турдаги компьютерларнинг хатосиз ишлаши учун ўртача мос ҳарорат ҳисобланади.