“ЭНДИ БОШҚА ЁШЛАР КАБИ ТЕНГ ҲУҚУҚЛИМАН, ЧУНКИ ГУВОҲНОМА ОЛДИМ…”

Самарқанд шаҳридаги лўли миллатига мансуб аҳолининг муаммолари ўрганилиб, бартараф этилмоқда. Хусусан, бунда туғилганлиги қайд қилинмаган фуқароларнинг манфаатлари таъминланишига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистонда истиқомат қилаётган лўли миллати вакилларининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг мамлакат ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган долзарб вазифалар ҳақида” ги йиғилиш баёни билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида туғилганлик ва ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларга эга бўлмаган лўли миллатига мансуб шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда ушбу турдаги гувоҳномаларни белгиланган тартибда расмийлаштириб бериш борасида Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокимлиги бошчилигида олиб борилган ўрганишлар давомида Самарқанд шаҳар “Шарқ” МФЙ ҳудудидаги 10 нафар, “Фидойилар” МФЙ ҳудудидаги 100 нафар ҳамда “Сарбадорлар” МФЙ ҳудудидаги 140 нафар лўли миллатига мансуб фуқароларнинг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги аниқланган. Уларнинг аксариятини 10 ёшдан ошганлар ташкил қилади. Уларга қулайлик яратиш мақсадида гувоҳномалар Самарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими томонидан қисқа муддатларда расмийлаштирилиб, ҳужжатлар маҳаллабай асосида топширилмоқда.

— 3 нафар фарзанднинг онасиман, — деди фарзандларига гувоҳнома олган Ўғилой Истамова. — Учаласини ҳам уй шароитида дунёга келтиришимга тўғри келган. Шу ва бошқа сабаблар туфайли уларга вақтида туғилганлик гувоҳномасини олишга қунт қилмадим. Ҳозир катта болам 11 ёш, ўртанчаси 10 ва кенжам 8 ёшда. Яқинда мутасаддилар уйларимизга келиб муаммоларимизни ўрганган эди. 3 кун ичида гувоҳномаларни расмийлаштириб беришди. Албатта бизга яратилаётган бундай қулайликлардан миннатдормиз.

Дастлабки босқичда “Фидойилар” МФЙ фуқароларининг 29 нафарига, “Сарбадорлар” МФЙ фуқароларининг 71 нафарига ҳамда “Шарқ” МФЙ фуқароларининг 5 нафарига туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштирилиб, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда вилоят Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси вакиллари иштирокида жойига чиққан ҳолда тантанали равишда топширилди. Жорий йилнинг 15 июлига қадар белгиланган режа-жадвал асосида гувоҳномаси йўқлиги аниқланган барча фуқароларга ҳам ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб берилади.

— 14 ёшимда туғилганлигим тўғрисида гувоҳнома олдим, — дейди Меҳруза Тошева. — Бу мен учун албатта қувонарли воқеа бўлди. Ахир шу пайтгача мен фуқаро сифатида ҳеч қандай ҳуқуқларга эга эмасдим. Яхшиларнинг ёрдами билан бугун расман шахсим тасдиқланди. Энди бошқа ёшлар каби кўплаб имкониятлардан фойдаланишим мумкин.
Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Мансур Ҳасанов, Давлат хизматлари агентлиги
Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати раҳбари