G20 глобал корпоратив солиқ ставкасини белгилади

G20 молия вазирлари шанба куни кўп миллатли компаниялар учун солиқ ислоҳоти сиёсатини маъқулладилар.

Жаҳон миқёсидаги корпоратив солиқ ставкасини 15 фоиз миқдорида жорий этиш тўғрисидаги таклиф ҳозирда 130 дан ортиқ давлатлар томонидан маъқулланган.

Франциянинг молия вазири Бруно Ле Мер шартномани ўзига хос «ғалаба» дея таърифлади.

Унинг америкалик ҳамкасби Жанет Елленнинг таъкидлашича, бу битим «дунё корпоратив солиққа тортиш бўйича глобал пойгани охиригача тугатишга тайёрлигини» кўрсатмоқда.

Германия молия вазири Олаф Шольц, Италиянинг Венеция шаҳридаги учрашув бошланишидан олдин, таклифнинг маъқулланиши “тарихий ютуқ” эканлигини айтган эди.

G20 Аргентина, Австралия, Бразилия, Канада, Хитой, Франция, Германия, Япония, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Мексика, Россия, Жанубий Африка, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидан иборат ташкилот ҳисобланади. Испания ҳам доимий меҳмон сифатида ташкилотга таклиф қилинади.

Улар биргаликда дунё аҳолисининг 60 фоизини жамлайди ва глобал ялпи ички маҳсулотнинг 80 фоизидан кўпроғини ишлаб чиқаради ва халқаро савдонинг 75 фоизини амалга оширади.

Жума куни G20 юқори даражадаги мустақил кенгаши, дунё КОВИД-19 пандемияси каби ҳалокатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун кўпроқ маблағ сарфлаши кераклигини айтди.

G20 учрашувда навбатдаги соғлиқни сақлашга доир глобал инқироз келаси ўн йил ичида юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган ва ҳукуматларга келгуси беш йил ичида молиявий ресурсларни камида 63 миллиард еврога оширишни тавсия қилган.