Ғарбий Соҳилда жароҳатланганлар сони ортиб бормоқда

Исроил кучлари ишғол қилинган Ғарбий Соҳилнинг ноқонуний равишда эгалланиб олинишига қарши бўлган намойишчиларни тарқатиш учун ҳарбий ва резина қопланган металл ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланганлиги сабабли жума куни жароҳат олган фаластинликлар сони 93 кишига етди.

Фаластин Қизил Ярим Ойи жамияти 23 киши ҳарбий ўқлардан, 70 киши эса резина билан қопланган металл ўқларидан жароҳат олганликлари ҳақида хабар бермоқда.

Фаластинликлар Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган шаҳарлардаги, жумладан Байта, Кафр Қаддум ва Бейт Дажан ҳамда Хеврондаги Масафер Яттадаги ноқонуний яҳудий аҳоли пунктларига қарши норозилик намойишларини ўтказмоқдалар.

Маълумотларга кўра, Ғарбий Соҳилдаги 164 та аҳоли пунктлари ва 116 та постларда, босиб олинган Қуддус билан бирга ҳисоблаганда, 650 000 нафарга яқин кўчиб келган яҳудийлар истиқомат қиляпти.

Халқаро қонунларга кўра, Исроилнинг босиб олинган ҳудудларда қурган барча аҳоли турар-жойлари ноқонуний ҳисобланади.