Гумонланувчилар: «Биз президентни ўлдиришни эмас, ҳибсга олишни мақсад қилгандик»

Гаити президенти Жовенель Моизга суиқасд қилишда гумон қилинаётган бир қатор колумбияликлар ва гаити-америкаликлар терговчиларга уни ўлдириш учун эмас, ҳибсга олиш учун борганликларни айтишди.

Моиз ўтган ҳафта чоршанба куни, Гаити ҳукуматининг таъкидлашича 26 нафар колумбиялик ва 2 нафар гаити-америкаликлардан иборат қотиллар гуруҳи томонидан, ўзининг Порт-о-Пренсдаги уйида отиб ўлдирилган эди. Бу эса Кариб денгизи давлатини янада чуқурроқ сиёсий бўхронга дучор қилди.

Қотиллик ва фитна ким томонидан амалга оширилгани ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

Қўшма Штатлар Гаитининг ёрдам учун қўшинлар юбориш ҳақидаги талабини рад этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига эса Гаитига қуролли кучларни юбориш учун Хавфсизлик Кенгашининг рухсати керак бўлади.

Тергов жараёнига яқин бўлган манбанинг айтишича, икки нафар гаити-америкаликлар Жеймс Солажес ва Жозеф Винсент терговчиларга президентни ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ берилган Колумбия қўмондонлиги бўлинмасининг таржимонлари эканликларини айтишган. Аммо бўлинма президентнинг уйига етиб келишганида, уни ўлик ҳолда топганлар.

Гаити полицияси бу ҳақида изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.