Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Жумъа қандоқ кун? (1917)

Мана биз бори жумъа куни дебгина қўямиз. Лекин, жумъа қандоқ кун, жумъа кунларида бизга нима қилмоқ лозим, жумъа намозини ҳар бир масжидда ўқилавурмай, катта жомеларга жамоат бўлуб ўқумоқда» мақсад нима? Хутбадан мурод нима? Кўпимиз бутун бехабармиз.

Эски ҳукумат вақтида жумъа фазилатлариндан баъзи муҳимроқ ерлардан очуб айтмоқға тилларимиз сиёсат муҳрлари била тамғаланган эди. Шукрлар ўлсун жаноб тангригаким, карам шеваси била умумий ҳуррият, мусовот, адолат бўлди. Қўл-оёғимиздаги занжири сиёсатни ешди, озод қилди. Тилларимиздаги қизил тамғалар-да, қирқилди, тўкулди. Ҳар бир тўғридан осон-очуқ сўзлаб, қичқируб, халқимизи уйғотмоққа, огоҳ қилмоққа кенг йўл берилди. Қўрқунч, босқунч каби нафас била ичга кируб чиқуб турган заҳарлик газлардан юракларимиз тозаланди. Эмди жумъа хусусиндаги у муҳум ерларини айтуб, ёзуб, халқларимизга тушундуруб ва таклиф этувга ҳуқуқимиз комилдур.

Жумъа қандоқ кун?

Жумъа кунларнинг саййиди ер юзиндаги 400 миллион мусулмонларнинг ҳаммаларига ҳам ҳафталик улуғ байрам кунидур.

Жумъа куни косибларга касбларин, савдогарларга савдоларин, уламоларга мактаб-мадрасаларин, қуззотларга маҳкамаи шаръияларин, дўкондорларга дўконларин тўхтатуб ва бу ишлар ўрнига намози зуҳрдан сўнг байрам қилув — бир-бирларига меҳмон бўлуб бормоқ; нотоб қардошларни боруб ҳол сўрмоқ; шогирд муаллимларини зиёратига бормоқ. Меҳмонхоналарда, дарсхоналарда бешлаб, ўнлаб мажлис қилмоқ ва бу мажлисда дин ва миллат учун керак бўлган заруриётдан баҳс ва музокаралар қилмоқ. Уламолар авомга, ағниё, фуқарога ёрдам қилмоқ ва аларни жаҳолатдан ва асоратдан халос қилмоқ чорасига киришмоқ учун осон бир йўлларни кенгашмоқ, мактаблар очмоқ, кўҳна мадрасаларни тузатмоқ, кўр, шол ёхуд заифлик мажбурияти била тирикликдан бутун ожиз қолган тул хотун, бева-бечора, етимларни тарбия қилмоқ учун ародаги бир-биримизга фарз, вожиб бўлгаш закот, садақотларни йиғишиб, тарбияхоналар солмоқ ва ул мажруҳларни тарбия қилмоқ йўлларин изламоқ, хусусан, ўқув-ўқутув усулларин замонга мувофиқ таҳсил қилмоқ чораларин ахтармоқ, ҳосил, дин ва миллатимиздаги бундай камчиликларни фикрлашмоқ, сўнгра ўн минглаб халқимизи бағрига тўплаб турган жомеларимизда воизларимиз орқали юқоридаги заруриётдан халқимизи огоҳ қилмоқ, ҳоли ба қудрат ёрдамга таклиф қилмоқ, дини исломимиз тарафиндан буюрулгон ҳар биримизни энг биринчи муҳим бурчимиздур. Жаноб пайғамбаримизни энг суйган одатлари ва саҳобаи киромга энг улуғ васиятлари такрор-такрор буюргон таклифи муборакларидур. Бу хусусда ҳадиси шариф истаган кишилар «Минг бир ҳадис» китобларина боқсун эди. Сад ҳайф, ҳазор афсуски, бизи халқ бундоғ амали пур саодатдан бутун-бутун бехабардурмиз.

Жумъа байрами иқлимимизда бор. Яна, афсуски, у миллий ва диний байрамга бутун хилоф аксдур.

Чунончи, боғларга чиқуб ўйнамоқ, қарта ўйнамоқ, гўдакларимиз эса тухум ва пилдироқ ўйнамоқ, уламо ва ағниё ва косибларимиз эса бори қорун тўйдурмоқ, бировларни мазаммат ва ғийбат қилмоқ ҳосил, ҳаммаси фисқ ва номашруъ ишларга саргардон ва оғишталикдан иборатдур. У миллий байрамми, у жумъаи эҳтиромими, у расули саллаллоҳу алайҳа вассалламга пайравликми, балки дин буйруқларига бутун хиёнат ва жиноятдур. Мана биз боқайлик ватанимиздаги ажнабийлардан бир қисмигина яҳудийларга, шанба кун бўлдими кўзимизга бирор дўкон очуқ кўрунмас ёки бирор бир яҳудийни бир иш ва хизматга боғлануб турганин кўрмас, ҳатто қўлларига ақча-да ушламоқ шариатларида ҳаром эмиш, кўчаларда бешлаб-ўнлаб юрурлар, бир-бирларига меҳмонга борурлар. Тўп-тўп бўлуб меҳмонхоналарда мажлис қурурлар. Диний ва миллий камчиликларин кенгаш қилурлар. Бева-бечораларини ҳимоя учун чалишурлар.

Мана шунинг учун шаҳримизга кечагина йиртуқ либосларга ўралуб келуб, бойларига ош ташуб ёки бир яшукни бўйниға осуб юрган, «мулло муши», эртага кўрамизки, оврўпача кийинган, бир от, резиновий ароба, растадан олти-етти дўкон бир бўлуб, 12 газлик зўр вивеска қўйилган «Мануфактури муши Хайюм Суюнов» ёзилган олдида оқ саллалик ватан ўғли, ватан савдогари, мусулмон фарзанди, қўли кўксида илтижо, рижо: «Бой ака, хўжайин, худо хайр берсун». Ҳўқанд шаҳрининг энг қадрлик ўрта қуруқ катта иморат боғларига кўзинг тушар, «Кимники?» деган саволга «Муши Хайюм Суюновники» деган жавобни эшитарсан. Оҳ, дерсан, ичинг пишар, жигаринг кабоб бўлур. Мана булар на учун мундоғ тез етушурлар. Бойларимизга «Бой ака», хўжайин бўлурлар. Шояд буни яхши билувчи фаҳм ва идроки етувчилар бордур. Лекин маатаассуф билувчи ва идрок этувчиларга қаршу «Биз жуҳудми?» деб ўт устига намакоб еуртувчилар-да, бор. Бу ҳам бўлса, хайрсизлик, жумъа муаммосига донишсизликдандир.

Йўқ, биз эмдигина жуҳудлардан ўргануб, ҳафтадан бир кунни байрамга сайлаб, янгидан тақлид қиламиз, демаймиз. Алҳамдулиллоҳ, сумми алҳамдуллиллоҳ, асри саодатдан бери бошлануб, хонликларимизи ахири вақтигача амалда тутуб келган «жумъа» исми била улуғ байрамимиз бор. Лекин шунчалик юқорида айтуб ўтдигимизча, диний ва миллий камчиликларимизнигина кенгашув ишлари тобора йўқолуб, ўрниға бошқа кирдорлар ўрун тутуб қолган, хусусан, Русия ҳукуматига ўтганда, яна сиёсат эгови била бутун эговлануб, бошқача турли-турли бузуқчилиқларни эрмак қилувга мажбурият кўрулган. Мана, у замон, у сиёсатлар ҳам битирилди. Истибдод, зулм ва монелар кўтарилди. Эмди яна қайта-бошдан бирлашуб иттифоқлашуб, ўлка асри саодатдаги мажлиси диний ва миллий байрамларимизи жорий қилмоқға кенглик бир замон келди. Эмди бизлар, юқорида айтуб ўтдиғимизча, жумъа кунлари дўкон, мактаб ва мадрасаларимизи тўхтатуб, ҳар ерда тўплануб, миллий мажлислар қуруб, диний камчиликларимизи катта-кичиклар кенгашуб, бир-биримизи қўллашуб, истиқболимизи тараққий ва тахолиси учун керак бўлган заруриётни олға сурмакда давом қилсак, оз фурсатда бечораларимиз давлатга эришур. Авомларимизи ўзлари бўлмаса ҳам авлоди илм, маърифат, ҳунар ва саноат каби дунёвий ва охиравий саодатларга етушур. Зиллат ва жаҳолат каби умрлик офатлар бошимиздан кўтарилур. Ажнабийга нафс учун сотулган мусулмонларимиз қуллиқдан озод бўлур. Ҳар бир мақсад, ҳар бир тилак ва орзусига ҳар ким етар. Мана биз бу вақтда ўзимизнинг ҳуқуқимизга хўжа бўла оламиз. Жаноби Расул агар саллавлоҳу алайҳа ва салламнинг саҳобаи киромларнинг руҳлари биздан хушнуд бўлгон бўлурлар. Лекин нодон авом халқи орасига бир бидъатни нақадар ижро қилмоқ осон бўлса, диний бир амални таратмоқ минг-минг чандон ортуқ мушкул ва машаққатдур. Мушкул ва машаққат, деб турамизми? Йўқ, билгонимиз билмагонимизга тушунтурамиз, ташвиқ қиламиз. Бунинг била бўлмас экон, жийлонларимиз орқали раста оқсоқолларини чоқиртуруб, дўкондорларга тушундурувни, ҳафталик жумъа байрами куни жамияти хайриятга юборилувини илтимос этамиз. «Воизларни чақиртуруб, улуғ-улуғ гузарларда, жомеларда жумъа байрами хусусида ваъзлар айтдурамиз. Шогирдлар учун, муаллимларга мадраса талабалари учун муҳтарам мударрисларимизга мурожаат этамиз. Мана, бир оз машаққатни ёшлар ўз устимизга оламиз. Диний ва миллий улуғ муборак бу байрамимизи оз фурсатда расм-одатга киритамиз. Сўнгра жумъа куни ишдан тўхталгон халқимиз қойга борур, ўйлар-ўйлар, албатта, жамияти хайрияга борур. Биз бу тўғруда элнинг ўз воизини қўлга олувимиз ҳикматдир. Бу байрам соясинда биз аввалғи иттифоқ ва иттиҳодимизга енгиллик ила етиша олурмиз. Ба ҳар ҳол бизлар миллий камчиликларимиз ўрнин тўлдирув учун энг улуғ бир кучга муҳтож эканмиз, мумкин қадар бу диний улуғ байрамни олға суруб, халқимизи тўпланувға жамияти ҳайрияга мажбуриятсиз келувға ваъз тинглатув учун вақтини боғлатмоқға одат қилдирув керакдур. Мана, биз шунинг учун журналимизи бош мақоласини «Жумъа байрами»дан бошладик. Шояд маслакдошларимиз-да, бизим бу қосир фикримизи бўшга ҳисобламаслар. («Хутба» хусусинда келажак номерда изоҳ верилур.)

«Кенгаш» журнали, 1917 йил, 1-сон