Исроилда мунозарали фуқаролик тўғрисидаги қонун муддати узайтирилмади

Исроил парламенти ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ва Ғазо ҳудудида яшовчи исроилликлар билан турмуш қурган фаластинликларга фуқаролик ҳуқуқини беришни тақиқловчи мунозарали қонун муддатини узайтирмади.

Кеча давом этган баҳсдан сўнг, овозлар нисбати 59/59 га тенг бўлди.

Бу Бош вазир Нафтали Беннетт ҳукуматининг ўтган ойда иш бошлаганидан бери биринчи йирик мағлубияти бўлди.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, «камситувчи» дея баҳоланадиган қонуннинг амал қилиш муддати сешанба куни охирида тугайди.

Илгари фуқаролик ҳуқуқини талаб қилолмаган минглаб фаластинликлар энди бу ҳуқуққа даъво қилишлари мумкин бўлади.

Беннетт душанба куни эришилган келишув натижасида қонун муддати узайтирилади деб умид қилган эди. Қарор қонунни бир йилга эмас, балки олти ойга узайтирган бўлар эди ва Исроилда яшовчи 1600 нафарга яқин фаластинликларнинг яшаш ҳуқуқи масаласи ушбу асосда кўриб чиқилар эди.

Яқинда ҳокимиятдан четлатилган Исроилнинг узоқ йиллик Бош вазири Бенямин Нетаняҳу бошчилигидаги қонунчиликни илгари қўллаб-қувватлаган сиёсатчилар ҳам жаноб Беннеттни шарманда қилиш учун қонуннинг қабул қилинишига қарши овоз беришди.