Кубада минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишларга чиқишди

Коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз кучайиб бораётган Кубада камдан-кам учрайдиган ҳукуматга қарши намойишларда минглаб одамлар кўчаларга чиқишди. Баъзи намойишчилар “йўқолсин диктатура” ва “биз озодлик истаймиз” дея шовқин солганлар.

Якшанба куни Гавананинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Сан-Антонио де лос Банос шаҳрида бўлиб ўтган намойишда, асосан, ёшлар Президент Мигел Диас-Канелга қарши “Биз қўрқмаймиз” дея норозилик билдиришган.

Бундан ташқари, шу куни минглаб одамлар Гавананинг марказида ва денгиз қирғоғининг баъзи қисмларида полиция иштирокида тўпланишди. Шунингдек, Сантяго-де-Куба, Пальма Сориано шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Аҳоли КОВИД-19 эпидемияси бошланганидан буён озиқ-овқат учун узундан-узоқ навбатлар ва дори-дармонларнинг танқислиги сабабли қўзғолонга чиқишди. Куба шу вақтга қадар Қўшма Штатлар санкциялари остидаги давлат ҳисобланади.

Якшанба куни тушдан кейин Диаз-Канел халққа мурожаат қилиб, намойишлар учун АҚШни айблади. У кейинги «провокациялар» га йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Гаванада яшовчи журналист Эд Августиннинг айтишича, пойтахтда оғир қуролланган полиция бўлинмалари бор. Унинг сўзларига кўра, Диаз-Канел ўз нутқида Куба инқилобини қўллаб-қувватлайдиган коммунистларни уни ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқишга ундаган.