Миллий хавфсизлик агентлигини жосусликда айблашмоқда

“Бу қўрқинчли. Буни ҳозироқ тўхтатишимиз керак”.

Fox News телеканали бошловчиси Такер Карлсон АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги каналда ўзи бошчилик қиладиган телевизион дастурни ёпиш учун жосуслик қилганини айтмоқда.

“Кеча NSA (миллий хавфсизлик агентлиги) бизнинг электрон ёзишмаларимизни кузатиб бораётгани ва ушбу дастуримизни эфирдан олиб ташлашни режалаштираётгани ҳақида АҚШ ҳукумати вакили берган маълумотдан билиб олдик”, – деди Карлсон.

Бошловчининг айтишига қараганда, дастлаб унинг ҳамкасблари бунга ишонмадилар, чунки Америка фуқаролари устидан жосуслик қилиш ноқонуний ҳисобланади. Кейинчалик, манба уларга дастур жамоаси устида ишлаган бир воқеани айтиб берган. Бу ҳақида фақат тўғридан-тўғри Такер Карлсоннинг ёзишмаларидан билиб олиш мумкин бўлган. 

“Байден маъмурияти бизнинг устимиздан жосуслик қилмоқда, биз буни тасдиқладик… Улар, албатта, бошқалар билан ҳам шундай қилишади”, – деди у. Карлсон, бу ҳодиса демократик тамойилларни бузаётганини таъкидлади.

NSA твиттердаги саҳифасида телеканал бошловчисининг даъвоси “ҳақиқат эмас” лигини айтган.