Мия чиплари устида ишлар бошланди

Россия ҳукумати инсон миясига чипларни жойлаштириш дастурини ишлаб чиқмоқда.

Маълум бўлишича, ҳукумат 2029 йилга қадар 54 миллиард рубль миқдоридаги молиялаштиришни талаб қиладиган янги “Мия, соғлиқ, ақл, инновация” федерал дастурини ишлаб чиқмоқда. Дастур доирасида ахборотларни ташқи қурилмалардан тўғридан-тўғри инсон миясига ўрнатилган микрокомпьютерларга узатиш имкониятига эга технологияларни ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу йўналишда Россия Федерацияси етарли даражада илмий устунликларга эга, аммо, соҳага керакли молиявий ресурслар ажратилмаган.

Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазирлигига яқин “Коммерсант” манбасининг маълум қилишича, вазирлик ҳузурида янги “Мия, соғлиқ, ақл, инновация 2021-2029” федерал дастурини амалга ошириш учун ишчи гуруҳ ташкил этилган. “Коммерсант” ишчи гуруҳ ҳужжатининг мазмуни билан танишди. Ҳужжат Россия фанлар академияси томонидан Москва давлат университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва март ойида Президент томонидан тасдиқланган. Владимир Путин Бош Вазир Михаил Мишустин ва президент маъмурияти раҳбари Антон Вайноларга дастурни амалга ошириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширган. Ҳукумат бу масалани Фан ва олий таълим вазирлигига йўналтирди. Вазирликда лойиҳа “дастлабки ривожланиш босқичида” эканлиги аниқланди.