Мусулмонларнинг ихтиролари – 6 қисм

Университетлар

859 йилда очилган биринчи олий таълим муассасасининг асосчиси мусулмон маликаси Фотима Ал Фиҳри эканлигини билармидингиз? Ислом дунёсининг бошқа кўплаб таълим муассасалари сингари, Марокашдаги Ал Каравин университети ҳам масжид ҳудудида жойлашган. Султонларнинг ҳомийлиги туфайли у доимо кенгайиб борган. Бу ерда эркаклар ва аёллар учун нафақат илоҳиёт, балки тиббиёт, математика, кимё, тарих, география ва бошқа фанлардан ҳам таълим берилган.

Ўша даврдаги кўплаб илмий марказлар мусулмонлар томонидан ташкил этилган. Уларнинг энг машҳурларидан бири — Ҳикматлар уйи (Байтул ҳикма – Халифа Маъмун ар Рашид томонидан Бағдодда асос солинган ўзига хос академия. У иккинчи номи Маъмун академияси номи билан ҳам юритилади) ҳам 820 йилларда қурилган.

Соатлар, кодли қулфлар ва роботлар

Механик Ал Жазари Ислом дунёсининг Да Винчиси сифатида танилган. Айнан у кибернетиканинг асосчиси ҳисобланади. Олим XIII асрнинг бошларидаёқ, ўша давр учун илғор технологиялар сифатида баҳоланадиган кўплаб механизмларни мустақил равишда қура олган.

Унинг ихтиролари орасида сув соатлари ва сув кўтариш машиналари, фавворалар ва клапанли насослар, кодли қулфлар ва металл эшиклар мавжуд. Бундан ташқари, у инсон фигурасини мусиқа асбобларини чалишга «мажбур» қилган. Мусиқа барабанлар ва ричаклар воситасида бошқарилган «роботлар» томонидан ижро этилган.