Нидерландияда кўзи ожизлар учун махсус кўзойнак ишлаб чиқилди

Нидерландиянинг Envision компанияси Google билан ҳамкорликда кўзи ожизлар ва кўриш қобилияти паст бўлган одамлар учун махсус кўзойнаклар ишлаб чиқди. Улар компьютерли кўриш камераси ва овозли ёрдамчи билан жиҳозланган. Тақдим этилган ихтиро нафақат маълум бир маконда ҳаракатланиш, атроф-муҳитни тасвирлаб бериш, балки ёзув ва матнларни ўқиш ҳамда атрофдаги одамларни таниб олишга ёрдам беради.

Envision кўзойнакларининг ўзига хос хусусияти уларнинг кўп функциялилигидадир. Қурилма алоҳида буюмларни, рангларни, умуман атроф-муҳитни, ёзув ва матнларни ва ҳатто одамларни (фотосуратлари қурилманинг маълумотлар базасига киритилган одамларни) таний олади. Таниб олиш кўзойнакларга ўрнатилган камера орқали амалга оширилиб, овоз кучайтиргич орқали ёки USB ёҳуд Bluetooth воситасида кўзойнакларга уланган қулоқчинлар ёрдамида овозли ассистентнинг кўмагида ускуна эгасига етказилади.

Envision нинг янги кўзойнаги Google Glass Enterprise Edition 2 кўзойнакларига асосланган бўлиб, Google уни ўтган йили май ойида тақдим қилганди. Голландиялик ишлаб чиқувчилар яратган ускуна нархи ҳозирда 1500 еврони ташкил қилади. Кейинчалик унинг нархи 1900 еврогача кўтарилиши кутилмоқда. Маҳсулотларни етказиб бериш жорий йилнинг август ойи бошланиши режалаштирилган.