Орол ва Амударё флотилиялари тарихи

Флотилия бу – ҳарбий-денгиз флоти кемаларининг оператив бирлашмаси ёки йирик қўшилмасидир. Шунингдек, денгиз, кўл, дарё флотилиялари мавжуд. Ташкилий жиҳатдан флотилия алоҳида қўшилма сифатида фаолият юритиши ёки флот таркибига киритилган бўлиши мумкин.

1853 йили ўлкамиз Туркистонни босиб олган Россия империяси ўз жанубий чегараларини мустаҳкамлаш мақсадида Орол денгизи ҳамда Сирдарё ва Амударё дарёларида ҳарбий флотилияларини барпо этди.

Амударё ҳарбий флотилияси Каспийорти темир йўлини қуриб, миллий бойликларимизни талон-тарож қилиш мақсадида юк ташиш ва сув йўлини қўриқлаш учун кўмакчи кемалардан тузилган флотилия бўлган.
Асосий базаси Чоржўда жойлашган ушбу флотилия кемалари 1888 йилдан эътиборан суза бошлади. Флотилия таркибида йўловчи ташиш-шатакка олиш пароходлари (2-6 дона), буғ воситасида юрадиган катерлар ва бошқа сузиш воситалари бўлган. 
1917 йилнинг ноябрь ойидан эътиборан флотилия денгизчилари Ўрта Осиё минтақасида совет режимини ўрнатиш йўлида Туркистон миллий озодлик ҳаракати жангчиларига қарши олиб борилган курашда иштирок этишди. 
1918 йилнинг июль ойида флотилия тугатилди. 

1920 йилнинг февралида Совет ҳарбий Амударё флотилияси қайта тузилди. Апрель ойидан декабрь ойига қадар ушбу флотилия Орол ҳарбий флотилияси таркибида, кемаларнинг алоҳида бўлинмаси сифатида кирган бўлиб (10 дона кичик калибрли тўп билан қуролланган майда ҳарбий кемалар, 2 дона катер, 19 дона кўмакчи кема), оқ гвардиячилар ва Туркистон миллий озодлик ҳаракатига қарши уруш олиб борган совет Туркистон фронти қўшинига мадад берди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар якунига етгач, 1921 йилнинг ноябрь ойида тугатилди.
Амударё флотилиясига ўрис босқинчилари Г.Г. Пинский (1920 йилнинг апрель ойидан 1921 йилнинг январь ойига қадар); М. Н. Калинин (1921 йилнинг январь – ноябрь ойлари) қўмондонлик қилган.

Орол денгизи ҳарбий флотилиясини барпо этиш тадбирларининг ташкилотчиси 1848 йили «Константин» шхунасида гидрографик тадқиқотлар олиб бориб, Орол денгизининг биринчи аниқ харитасини тузган капитан-лейтенант А. И. Бутаков саналади. (Алексей Иванович Бутаков (1816-69 йиллар) Орол денгизини тадқиқ этган Туркистон босқинчиси, контр-адмирал, 1840-42 йилларда «Або» ҳарбий транспортида дунё бўйлаб сузиш иштирокчиси).

Капитан-лейтенант А. И. Бутаков бошчилигидаги Орол экспедицияси таркибига рассом сифатида подшо ҳукумати томонидан аскарликка берилган, Украинанинг атоқли адиби Т. Г. Шевченко ҳам киритилган. 

Флотилияни барпо этиш учун 1852 йили «Перовский» ва «Обручев» кичик пароходлари Аралскка қисмларга бўлинган ҳолатда келтирилиб, йиғилди ва 1853 йилнинг баҳорида сувга туширилди. Мазкур пароходлар Қўқоннинг Оқ мачит қалъасига (Қизил Ўрдага) қарши уюштирилган жанговар ҳаракатларда иштирок этди. Яна иккита пароход билан қуролланган флотилия кемалари Оролда йўлга қўйилган ўрис кемачилигини қўриқлаш билан бир вақтда, босқинчилар қўшини ва юк ташиган. 
Асосий база аввал Аральск, сўнгра Казалинскда бўлган. 

1855-63 йилларда флотилия бошлиғи А. И. Бутаков Амударё ва Сирдарё дарёларининг кема юрувчи қисмларида гидрографик тадқиқотларни давом эттирди. 
Кейинчалик Орол ҳарбий флотилияси Бухоро (1868 йил) ва Хивани (1873 йил) забт этиш учун уюштирилган босқинчилик юришларида иштирок этди. 
1880 йилга келиб флотилия таркибида 6 дона қуролланган пароход, 9 дона баржа ва бошқа турдаги кемалар бўлган. Шахсий таркиб сони 570 кишига етган. 
Орол ҳарбий флотилияси 1883 йилда тугатилган. 

Сулейманов С.А. нинг История Аральской и Адударьинской флотилий (1847–1920 гг.) номзодлик диссертацияси авторефератидан олинди.