Самарқанд масжидлари ҳақида (I-қисм)

1. Ҳазрати Хизр алайҳи-с-салом масжиди. Бу масжид шаҳар ташқарисида, Афросиёб тепаси устида. Оҳанин, бошқача айтганда, Ҳазрати шоҳ дарвозасининг қаршисидадир. Айтадирларким, Самарқандда энг аввал солинган масжид ушбудир. Имом Қутайба ҳазрати Хизр ишорати бидан иморат қилгандир. Бошқа бир ривоятга кўра, бу бинонинг биринчи ғиштини ҳазрати Хизр алайҳиссалом қўйиб, қибласини саҳобалар тиклаганлар. Баъзи кишиларнинг айтишларига қараганда, унинг меҳробини ҳазрати Хизр тўғрилаган. Дерларким, бир кимса душанба куни улаштириб бомдод намозини ўша масжидда ўтаса, ҳазрати Хизрни кўрар эмиш. Ушбу масжид амир Музаффарнинг хонлиги чоғида қайта иморат қилинди.

2. Абдулло ибн Умари Хаттоб масжиди. Бу масжид ҳазрати Умар масжиди оти билан машҳур бўлиб, Масжиди кабуд ҳам дер эканларким, шаҳар ичида иморатлараро Шердор, Тиллокорий ва Улуғбек мадрасалари яқинида, яъни Улуғбек мадрасасининг жануби-шарқида, Регистон майдонига рўбарў, Тиллокорий мадрасасининг қаршисида, янги солинган мадрасанинг ичидадир. Ҳазрат Абдулло Умар ўғли Саъид Усмон ўғлига бир талай оқча бериб, «Қайсики шаҳарким ислом қўшини томонидан олинса, сиз унда, бу йўлдан менинг отим билан отаб, бирор масжид солдиргайсиз» дейди. Бу масжид ҳам ўшалардандир. Унинг меҳробини саҳобалар тиклагандирлар. Қутлуғ бир ўриндир. Баъзилар бу масжиднн имом Умар Насафий масжиди деб атайдилар. Унинг (Умар Насафийнинг) қабри шаҳар ичида Чокардиза қабристонидадир. Умар масжидининг шимол томонида Абу Саъидхоннинг дахмаси бор.

3. Ҳидоят этувчиларнинг билимдони шайх Абу Мансур Мотуридий масжиди. Бу масжид шаҳар ичида, шаҳар дарвозаси ва шаҳар қўрғонининг яқинида кунчиқар томонда, Чокардиза қабристонинннг ўртасида, шайхнинг қабри устидадир. Эски замонларда бу шаҳарга вабо ёки бирор бошқа бало келса, зоҳид, обид ва олимлар шу масжидга йиғилишиб, дуо қилар эканлар. Шунинг билан тикилган бало кўтарилар экан. Дуо қабул бўлиб, уламонинг кўнглини очадиган бир ўриндир.

4. Ҳазратхожа Абулфазл Балхий масжиди. Бу масжид шаҳар ичида. Шимоли-ғарбий бурчакда, шаҳар дарвозаси бўлган Пойқобоқнинг [ҳозирги оти «Хайробод»] якинидадир. Бу масжидда дуо қабул бўлиб, [у] қутлуғ бир ўриндир.

5. Жавзоия масжиди. Бу масжид шаҳар ичида, иморатлар орасида, Шердор мадрасасининг кунчиқаридадир. Қутлуғ жой ва мужтахидлар ўрнидир.

6. Дари занжир масжиди. Шаҳар ўртасида, иморатлар орасида, ҳидоят этувчиларнинг билимдони шайх Абу Мансур Мотуридий масжидининг яқинидадир. Ўлган шайхларнинг ўрни экан. Тошкентлик Орифжонбой 1250 ҳижрийда [милодий 1834-35 й.] ушбу масжидни янгидан пишиқ ғишт ва гаж билан юксак иморат қилди.

7. Амир Темур кўрагоннинг жомеъ масжиди. Бу масжид шаҳар ичида, [унинг] шимол томонида ҳазрати Шоҳ [Дари оҳанин] дарвозасининг яқинидадир. Амир Темур кўрагон Ҳиндистонни олгандан кейин [у ерда ўлжа олинган] олтин, инжу ва қийматлик тошларни тўқсон бир филга юклаб олиб келтирди ва истадиким, пойтахти бўлган фирдавсмонанд Самарқандда бир жомеъ бино қилғай. 801 ҳижрий/1398-99 милодийда кучли ва тезишлик усталарни дунё теварагидан йиғиб ишга бошлади. Ва шундай бир масжиди жомеъ бино қилдики, саҳнининг соф ишланиши ҳушёр диллардан ҳам мунавварроқ ва баланд кунгиралари ой мукарнасидаи безакли, фирўзасимон кошинлари ложувард, осмонранг, офтобга жилоли зарнигор нақшлари билан гўзал чарх гумбазларига баробар. Баланд овозалик дарвозаси «кимки бу ер [хонаи каъба]га кирди, омонлик топди» оятининг калиди билан очилди. Ҳар бир юксак тоқлари фалак пештоқида қад кўтарди. Жомеънинг равоқи устида ёзилгандирким: «Амир Тарағай ўғли буюк хоқон Амир Темур кўрагон 801 йилда ушбу жомеънииг солинишига амр қилди». Жомеь дарвозасининг узо-рида ёзилгандирким: «Ушбу жомеъни биткизишга 806-да [милодий 1403-04] муваффақ бўлинди». Ушбу тенгсиз бино беш йил орасида улуғ хоқон буйруғи билан солиниб битказилди. Ушбу жомеънинг эшиги икки табақалик бўлиб, хуло [биринч, мис ва рух бирга қўшилиб эритилса хуло бўлур] қўюлган ва фусункор усталар жомеънинг кирар ерига пўлод қалам учи билан жуда ҳам гўзал табиатли нақшлар қилганлар эканким, Самарқанднинг бузуқчилиқ чоғида йўқолгандир. Жомеъ эшиги устида ушбу байт ёзилган:

Дар кафи халк ҳама макру фиреб асту ҳавас, Кор даргоҳи худованди жаҳон дораду бас.

Мазмуни:

Халқ кафтида бари алдов ва ҳавасдир,

Иш ёлғиз дунёнинг эгаси бўлган тангрининг саройидадир.

Абу Тоҳирхожанинг Самария асаридан олинди.