Саудия Арабистонида сўнгги Бобил шоҳининг сурати топилди

Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбидаги Хаел шаҳрида тадқиқот олиб бораётган археологлар Бобилнинг сўнгги шоҳи Набонидга бағишланган қоя расмларини топдилар.

Мамлакат Маданий мероси қўмитаси мутахассисларининг айтишича, бу расмлар Саудия ҳудудида бугунгача топилган қоя расмларнинг энг йирикларидир.

Расмлар эр.ав VI асрга оид бўлиб, уларда эр.ав 556-539-йилларда Янги Бобил подшоҳлигини бошқарган Набонид акс эттирилган. Бу подшоҳ қадимги ибодатхоналарни таъмир эттиришни яхши кўргани учун унга “археолог” деган лақаб берилган.

Халдейлар сулоласининг охирги вакили бўлган Набонид даврида Бобил Буюк Куруш бошчилигидаги форс армияси томонидан босиб олинади. Археологлар топган расмларда у қўлида скипетр ушлаган ҳолда, диний рамзлар билан бирга акс эттирилган.

Подшоҳ сурати билан бирга 26 сатрли ёзув ҳам топилган бўлиб, у бушунгача Саудияда топилган энг узун қадимги ёзувдир. Олимлар олдида уни ўқиб, мағзини чақиш вазифаси турибди.

Саудия ҳукумати топилмалар борасида берган баёнотида “бу расмларнинг Саудия Арабистони ҳудудида топилиши мамлакатимизнинг Араб яриморолидаги цивилизациянинг бешиги эканлигини исботидир” деган.