Собиқ “Navalny Live” директори ҳибсга олинди

Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Алексей Яковлевни 30 июнь куни ҳибсга олди. У “Navalny Live” YouTube каналининг собиқ трансляция директори бўлган. Яковлев қўлга олинган пайтда Москванинг Шереметьево аэропортига эндигина қўнган самолёт бортида бўлган.

Яковлев Open Media агентлигига ҳибсдаги мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийга қарши фирибгарлик иши бўйича тергов қўмитасига олиб борилганлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ терговчилар уни чақириб, сўроқ қилишмоқчи бўлишган, аммо у телефон орқали чақирувни тан олишдан бош тортган.

Россия терговчилари 2020 йил 29 декабрда Навалнийга қарши катта миқдордаги фирибгарликлар бўйича жиноий иш қўзғашди. Тергов маълумотларига кўра, Навалний ўзининг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ва бошқа нотижорат ташкилотларининг юз миллион рубллик хайрия маблағларини ўзлаштириб юборган.