Таҳлил: Америка кетганидан кейин Афғонистондаги ҳаёт

АҚШ ва НАТО қўшинлари 20 йиллик урушдан сўнг ниҳоят Афғонистондан чиқиб кетмоқдалар. Улар мағлубиятга учратган Толибон эса мамлакат бўйлаб ҳудудларни тезликда қайтариб олмоқда. Хўш, уруш Афғонистонни қанчалик ўзгартирди?

2001 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар мамлакатга бостириб кирганида Толибон ҳокимиятдан кетишга мажбур қилинди. Демократик президентлик сайловлари ва янги конституция ташкил этилди, аммо толиблар узоқ вақт исён кўтариб, аста-секин кучларини тикладилар ҳамда АҚШ ва НАТО кучларини урушларга кўпроқ жалб қилдилар. Энди, АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетаётганида, толиблар давлатнинг кўплаб туманларини эгаллаб олмоқда. BBC афғон хизмати 12 июль куни бутун мамлакат бўйлаб қайси ҳудудлар Толибон ва ҳукумат назорати остида эканлиги бўйича маълумот берди.

Сариқ ранг билан белгиланган ҳудудларда ҳали ҳам жанглар давом этмоқда ёки ушбу туманларнинг айрим қисмларида толибларнинг кучли назорати ўрнатилган.

2001 йилдан бери нечта одам вафот этган?

Йигирма йиллик жанглар Афғонистонда ва қўшни Покистон чегарасида икки томондан минглаб жангчиларнинг ҳаётларига нуқта қўйди. Тинч аҳоли ҳам можаролар гирдобида қолиб, коалициянинг ҳаво ва Толибон томонидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида ҳамон ҳалок бўлмоқда.

Зиддиятлардан қочганлар сони қанча?

Кўп йиллик можаролар миллионлаб одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди, баъзилари қўшни мамлакатлардан бошпана топдилар. Аксарият аҳоли Афғонистон ичида уйсиз қолди, миллионлаб одамлар қийинчиликлар ва очликка дучор бўлишди.

Ўтган йили можаролар туфайли 400 мингдан ортиқ одам уйларини ташлаб чиққан. 2012 йилдан бери беш миллионга яқин инсон қочқинликда яшамоқда. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича агентлиги маълумотларига кўра, Афғонистон ўз уйларини тарк этган аҳоли сони бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди.

Аёлларнинг таълим олиш кўрсаткичлари қандай?

Толибон режимининг қулаши аёлларнинг ҳуқуқлари ва таълимида сезиларли ўзгаришларга олиб келди. 1999 йилда бирорта ҳам қиз ўрта мактабда ўқимаган, уларнинг атиги 9000 нафари бошланғич мактабларда таълим олишган холос.

2003 йилга келиб 2,4 миллион нафар қизлар мактабларда таълим олдилар. Бу кўрсаткич ҳозирда 3,5 миллионга етган. Давлат ва хусусий университетлар талабаларининг учдан бир қисми аёллардир.

Аммо «ЮНИСЕФ» болалар хайрия ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳали ҳам 3,7 миллион нафардан ортиқ болалар мактабларда таълим олмаяптилар, ушбу соннинг 60 фоизи қизлар ҳиссасига тўғри келади.

Афғонистонафюн маркази

Афғонистон дунёдаги энг катта афюн ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда. Буюк Британия расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра Буюк Британияга кириб келадиган героиннинг 95 фоизи Афғонистонда ишлаб чиқарилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда кўкнори етиштириш сезиларли даражада кўпайган ва мамлакатнинг 34 вилоятидан атиги 12 таси кўкнори етиштиришдан ҳоли ҳисобланади.