Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири калтакланди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг уч нафар жиянлари, оналари Қурбонби Раҳмонова КОВИД-19 дан вафот этганидан сўнг, шифокорлар ва соғлиқни сақлаш вазирини қаттиқ калтакладилар, деб хабар бермоқда zakon.kz сайти Марказий Осиё янгиликлар хизматига асосланиб.

Тожикистон раҳбарининг синглисини коронавирусдан даволаш учун Германия, Россия ва Ўзбекистондан мутахассислар таклиф қилинган. Нашрнинг Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаларининг хабарларига кўра, Раҳмонованинг ўлимидан икки соат олдин хорижлик мутахассислар тожикистонлик шифокорлар беморни “нотўғри даволашаётганини” айтишган.

Ушбу хулосадан жаҳли чиққан фарзандлар оналари вафотидан сўнг дарҳол шифокорларга ва тиббиёт ходимларига ҳужум қилишди.

Раҳмонова 20 июль куни давлат раҳбари ижроия идораси ҳузуридаги Тиббий марказда вафот этди. Қайд этилишича, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода ва тиббий марказ раҳбари Холмаҳмад Раҳимзодалар жиддий жароҳат олганлар. Президентнинг синглиси вафотидан сўнг Ички ишлар вазирлиги текширув бошлади, аммо ҳозиргача ҳеч ким ҳибсга олинмаган.