Токио-2020: Ўзбекистон

Боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров Токио-2020 Олимпия ўйинларининг навбатдаги кун беллашувларини ғалаба билан бошлаб берди. Вакилимиз Кабо-Верде вакилини мағлуб этиб, чемпионликни ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам ташлади. Нимчорак финал босқичи доирасидан ўрин олган мазкур беллашув Варела Даниэлга қарши ўтди. Шу тариқа, вакилимиз чорак финалга йўл олмоқда. Ярим финал учун кечадиган беллашувда боксчимизга Филиппин ва Жазоир вакиллари ўртасидаги баҳс ғолиби рақиблик қилади.

Яна бир боксчимиз Элнур Абдураимов ўзининг иккинчи жангини муваффақиятли ўтказиб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Нимчорак финалда унга тожикистонлик тажрибали боксчи Баҳодур Усмонов рақиблик қилди. Элнур бу беллашувни яққол устунлик билан якунлаб, чорак финалга йўл олди. Ярим финал учун у арманистонлик Ховханнес Бачков қаршилигини синдириши керак.

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аралаш жамоавий беллашувда чорак финал йўлланмаси учун баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган беллашувнинг асосий вақти 3:3 ҳисобида якунланди. Олтин очко учун кечган қўшимча раундда +90 кг вазн тоифаси танлаб олинди. Унда Бекмурод Олтибоев Хенк Гролга шидолар бўйича имкониятни бой бериб қўйди ва рақиб жамоа кейинги босқичга йўл олди. Шу тариқа, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини ушбу нуқтада якунлади.

Ҳамюртимиз Мухтасар Тоҳирова ўқ отиш бўйича ўз чиқишларини якунлади. Бугун у 50 метрдан 3 ҳолатда ўқ отиш дастурида қатнашди. Вакиламиз ҳар уч машқлар якуни бўйича 1155 балл жамғаришга муваффақ бўлди. Бу билан у ушбу дастурни 30 натижада якунлади.

olympic.uz