Венди Шерманга жиддий вазифа топширилди

АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Венди Шерман 28 июль куни Женевада Россия билан ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича музокараларда АҚШ делегациясига раҳбарлик қилади, деб хабар қилмоқда АҚШ Давлат департаменти.

Ўтган ой Президент Жо Байден президентлик лавозимига келганидан бери икки ядровий давлат ўртасидаги илк юқори даражадаги учрашувда у ва Россия Президенти Владимир Путин ядровий уруш хавфини камайтиришга қаратилган АҚШ-Россия стратегик барқарорлиги мулоқоти деб номланувчи музокараларни қайта бошлашга келишиб олгандилар.

Шерман чоршанба куни қайта тикланган музокараларнинг биринчи босқичи учун Женевага сафар қилади.

Унга АҚШ Давлат котибининг қуролларни назорат қилиш ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Бонни Женкинс ҳамроҳлик қилади. Женкинснинг номзоди шу ҳафта АҚШ Сенати томонидан тасдиқланди.

«Ушбу учрашув Президент Байден ва Россия Президенти Путин ўртасида келгусида қурол-яроғ назорати ва хатарларни камайтириш чоралари учун замин яратишга интилувчи мамлакатларимиз ўртасида мақсадли ва мустаҳкам мулоқот олиб бориш мажбуриятини ўз ичига олади», – дейилади Давлат департаменти баёнотида.