Vivo «учар» смартфон лойиҳасини намойиш этди

Янги тақдим этилаётган қурилманинг ичида камера ўрнатилган ва бошқариладиган дрон бўлиши кутилмоқда. Дрон юқоридан туриб, фото ва видеолар олиш имконини беради.

Эҳтиёж бўлганда, ҳудди Samsung Galaxy Note флагманидан электрон қалам S Pen ни «суғуриб» олганингиздек, дронни ҳам янги Vivo дан чиқариб фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Камерали дронча, айниқса, селфи ишқибозлари учун айни муддао бўлади, десак муболаға бўлмайди. Фойдаланувчи парвоз пайтида уни бошқариши ва турли баландликлардан селфи олиши мумкин.

Смартфонга махсус камерали дрон ўрнатилган бўлса ҳам, қурилма «қалинлашиб» кетмаслиги кутилмоқда. Аппаратда яна камида иккита камера ва албатта, қўшимча батарея ўрнатилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш керак-ки, бу фақат Vivo патентига асосланган концептуал рендерлар холос. Смартфоннинг ўзи фотосуратда кўрсатилганидан бутунлай бошқача кўринишда тақдим қилиниши мумкин.