Хитой ЖССТнинг лабораторияларни текшириш режасини рад этди

Пайшанба куни Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан илгари сурилаётган коронавирус пандемиясининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш бўйича Хитой лабораторияларини текшириш режаси «ҳурматсизлик» ва «илмга нисбатан такаббурлик» эканини айтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган ҳафта халқаро текширувнинг иккинчи босқичи доирасида Уҳан вирусология институтини текшириш бўйича АҚШ босими кучайиб бораётган бир пайтда ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерманнинг ҳафта охирида Хитойга ташрифи олдидан мамлакат лабораторияларида текширув ўтказилиши кераклиги ҳақида гапирганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аденом Гебрейесус томонидан баён қилинган таклифга кўра «2019 йилнинг декабрь ойида одамларда учраган дастлабки (касалланиш) ҳолатлари бўйича фаолият юритган тегишли лабораториялар ва илмий-тадқиқот муассасалари (Уҳан шаҳри назарда тутилмоқда) тафтиш этилиши» керак.

Хитой соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Зенг Ишин пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида ушбу таклифдан «ниҳоятда ҳайратда» эканини айтди. Унинг таъкидлашича, илгари сурилаётган таклиф «соғлом фикрга ҳурматсизлик ва илмга нисбатан такаббурлик»ни яққол намоён этади.

Узоқ вақтдан бери давом этаётган фитна назарияларига кўра Ковид-19 лабораториядан «сизиб чиққан» бўлиши мумкин деган фикр тобора кучайиб бормоқда. Пекин ушбу қарашларни қатъиян рад этиб келмоқда. Аксарият мутахассисларнинг фикрига кўра, вирус ҳайвонлардан одамларга юққан бўлиши мумкин.