Хитой “ой гуручини” йиғиб олди

Хитойлик деҳқонлар Хитойнинг Ойга юборган донларидан етиштирилган космик гуручнинг биринчи ҳосилини йиғиб олишди.

Бу ҳақда “Блумберг” агентлиги Хитой давлат телевидениесидан иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда. Хитой космосга уруғларни юбормоқда, чунки улар космик нурлар таъсири остида ва вазнсизлик ҳолатида мутацияга учраши мумкин.

Хитойнинг “Chang’e 5” зонди 40 грамм гуручни Ойга олиб чиққан ва ўтган йилнинг охирида Ерга қайтариб олиб келган эди.

Агентликнинг таъкидлашича, баъзи уруғлар космик нурлар таъсирида ва вазнсизлик ҳолатида бўлганидан кейин мутацияга учраши мумкин, бу эса Ерга қайтиб келгандан кейин уларнинг ҳосилдорлиги ошишига олиб келади.

Агентлик 1987 йилдан бери Хитой гуруч ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини космосга юбориб келаётганини айтиб ўтган. Хитойлик олимлар кейинчалик экиш учун 200 дан ортиқ ўсимликларни, шу жумладан помидор ва пахтани космосга жўнатганларини тасдиқладилар.

2018 йилга келиб, Хитой фойдаланишга рози бўлган “космик экинлар”нинг умумий майдони 2,4 миллион гектардан ошди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Хитой озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун кўп чораларни амалга оширди. Хитой ҳукумати импорт ҳажмини оширди ва фермерларни асосий қишлоқ хўжалик экинлари соҳасида ўзини ўзи таъминлашнинг юқори даражасига ўтишга чақирди.

Ўтган ҳафта Хитой уруғлик таъминотини стратегик хавфсизлик масаласига айлантириш режасини маъқуллади.