Япония томошабинларнинг Токио Олимпия ўйинларида қатнашишини чеклашга қарор қилди

“Япония Токио ва унинг атрофидаги барча олимпия тадбирларида томошабинларнинг қатнашишларини тақиқлайди”, – дея хабар қилмоқда ташкилотчилар. Ҳукумат ўйинлар пайтида пойтахтга татбиқ этилувчи янги фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Бош вазир Ёшиҳиде Суга Токионинг тўртинчи фавқулодда ҳолати даври 12 июлдан 22 августга қадар давом этишини айтиб, буни пойтахтда касалланганлар сони ортиб бораётгани ва дельта штаммининг кенг тарқалаётгани билан изоҳлади. У бар ва ресторанлардан шу вақт оралиғида спиртли ичимликлар сотмасликни илтимос қилди.

Суганинг баёнотидан бир неча соат ўтгач, ташкилотчилар ҳам 23 июль куни бошланиши керак бўлган ўйинларда томошабинларнинг қатнашишларини тақиқлаш тўғрисидаги қарорларини эълон қилдилар.

Олимпия ташкилотчилари ҳукумат билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган ва икки ҳафта олдин маҳаллий томошабинларни тадбирларга ташриф буюришга рухсат беришлари мумкинлигини айтишган эди. Ўша вақтда улар ташриф буюрувчилар сони стадионлар сиғимининг 50 фоизини ташкил этиши кераклигини, аммо вазиятга қараб, беморлар сони ортадиган бўлса, қарорларини ўзгартириши мумкинлигини олдиндан огоҳлантирган эдилар.