Ясеновацнинг сўнгги асири вафот этди

“Болқонларнинг Освенцими” деб аталган Ясеновац концлагерининг сўнгги асири Базил Вуколо 98 ёшида Сербияда вафот этди. Бу ҳақда Геноцид қурбонлари музейи ўз фейсбук саҳифасида эълон қилди.

Зуколо II жаҳон уруши бошланишидан аввал Пожега шаҳрида яшарди, 1943 йили у партизанларга қўшилган эди. Шу йили у қўлга олиниб, кейинги йили Ясеновац концлагерига олиб келинади. Асирлик пайтида Зуколо инсон жасадларини нефт ёрдамида йўқ қилиш билан шуғулланишга мажбур бўлади.

1945 йилнинг 22 апрелида Зуколо лагердан қочишни уддалайди, аммо қочиш пайтида унинг укаси Степан ҳалок бўлади. Ясеновацдан кейин вазни 48 килога тушиб қолган собиқ асир яна партизанларга қўшилади ва урушдан кейин Пожегага қайтади.

Ясеновац лагери 1941 йилнинг августида хорват фашист-усташлар қурган эди. Лагер Хорватия пойтахти Загребдан 60 км. узоқликда, нацистлар Олмонияси билан ҳамкорлик қилган Мустақил хорват давлатининг ҳудудида жойлашган эди.  Бу машъум концлагерда тахминан 700 мингга яқин инсон ҳалок бўлган бўлиб, улар орасида серблар, яҳудийлар, лўлилар, поляклар, руслар, Данияликлар ва усташ режимининг сиёсий мухолифлари бор эди.