АҚШда вакцинага қаршилар ва тарафдорлар ўртасида жанжал чиқди

Шанба куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган вакциналарга қарши намойиш жанжалга айланганидан кейин бир киши пичоқланди.

Америка байроғи ва “тиббий эркинлик” деган ёзувларни кўтариб юрган бир неча юз киши, тушдан кейин ҳокимият биноси ёнида рухсат этилган намойишга йиғилишди ва уларни ўнлаб қарши намойишчилар оломони кутиб олди.

Кўп ўтмай, қора кийим кийган қарши намойиш иштирокчилари ва Америка байроқларига ўралган ва собиқ президент Доналд Трампни қўллаб-қувватловчи шиорларни кўтарган вакцинага қарши бўлганлар ўртасида жанжал чиқди.

Намойишчилар бир-бирларига зарба беришди. Тўқнашувлар қандай бошланганига аниқлик киритилмади, лекин ҳар бир томон бир-бирини айблади.

Ниқобга қарши одамлардан бири ерга йиқилиб тушган. Воқеа жойидаги полиция ходимлари унинг пичоқланганини айтишди ва тез тиббий ёрдам ходимлари уни касалхонага олиб кетишган.

Полиция ҳеч кимни ҳибсга олмаганликларини ва тергов давом этаётганини маълум қилди.