Энг қимматбаҳо қабристон

Дунёдаги энг қиммат қабристон Қуддусдаги Зайтун тоғи ёнбағрида жойлашган бўлиб, у ердаги қабрлар нархи бир неча юз минг доллардан бошланади.

Мазкур қабристон тарихчилар фикрига кўра, Яқин Шарқдаги энг қадимий қабристондир. Унда тахминан 150 мингга яқин қабрлар бўлиб, уларнинг энг эскилари эр.ав. I асрга оиддир.

Зайтун қабристонинг бунчалик қиммат бўлишини сабаби – ҳам яҳудийлар, ҳам христианлар учун муқаддас жой ҳисобланишидадир. Таврот ва Инжилда қутқарувчи – Мессиянинг айнан Зайтун тоғидан Қуддусга тушиб келиши ёзилган. Яъни, бу ерда кўмилган инсон тўғридан-тўғри жаннатга кириш “суғуртасига” эга бўлади.

Дуч келган инсон етарлича пули бўлган тақдирда ҳам бу қабристондан жой сотиб ололмайди. Бунинг учун, у ҳам яҳудий миллатига мансуб бўлиши, ҳам динига сидқидилдан амал қилиши шартдир.