Гарвард университетида ватандошимиз ёзган китоб чоп этилади

Мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши нафақат ўз юртида, балки хорижий мамлакатларнинг етакчи нуфузли таълим муассасалари ва илмий марказларида таҳсил олиб, илғор билим, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга бўлган иқтидорли мутахассисларга кўп жиҳатдан боғлиқлиги сир эмас.

Бугунги кунда ёшлар ўртасида хорижий мамлакатларда таҳсил олиш истаги ҳам ортиб бормоқда. Чет эл олий ўқув юртларида таҳсил олаётганлар, турли муассасаларда фаолият олиб бораётган ватандошларимиз сафи йилдан йилга ортиб боряпти.

Ана шундай ватандошларимиздан бири Шерзод Мўминов – кўп тилли тарихчи сифатида япон ва рус тилларидаги манбалар билан ишлайди ва турк тилини ҳам яхши билади. У Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро алоқалар бўйича бакалаври, Манчестер университетининг халқаро сиёсат магистри, Япониянинг Цукуба университетининг халқаро алоқалар бўйича магистри даражаларига эга. Шерзод Шарқий Осиё тадқиқотлари бўйича докторлик диссертациясини Кембриж университетида ёқлади, у ерда “Япония империясининг парчаланиши ва Урушдан кейинги Шарқий Осиёда қонунийлик учун кураш” лойиҳасининг илмий тадқиқотчиси бўлиб ишлаган ва замонавий япон тилида дарслар берган. У 2013-2014 йилларда Токио шаҳридаги Хосей университети Боиссонад замонавий ҳуқуқ ва сиёсат институтида Япония фондининг докторанти бўлган, Россиянинг йирик архивларида тадқиқотлар олиб борган.

Шерзоднинг асосий тадқиқотлари замонавий Япония ва Шарқий Осиё тарихи, Япония-Совет/Россия муносабатлари, Шарқий Осиёдаги Совуқ уруш, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр, Шарқий Осиёдаги империядан кейинги миграциялар, Совет тизимининг ҳарбий асирлар учун мажбурий меҳнат лагерлари халқаро ва трансмиллий тарихига бағишланган. Шерзод докторлик диссертациясини “Сибир лагери” – 1945-1956 йиллар мобайнида Совет мажбурий меҳнат лагерларида 600 мингдан ортиқ япон собиқ ҳарбий хизматчиларининг асир тутилиши, эксплуатацияси ва ўқитилиши мавзусида ёзган. 2016 йил апрель ойида Шерзоднинг тадқиқотлари Японияда “Сибир лагери” мавзусидаги тадқиқотларни илгари сургани учун “Мураяма Цунео” мемориал мукофоти билан тақдирланди.

Шерзод, шунингдек, инглиз тилида учта ва япон тилида битта китоб боблари муаллифи, япон тилидан бир қанча илмий мақолаларни таржима қилган.

Ҳозирда Гарвард университети матбуот хизмати билан шартнома асосида китоб қўлёзмаси устида ишламоқда. Бу “Сибир лагери”нинг инглиз тилидаги биринчи тўлиқ тарихи бўлади.

Шерзод Мўминовнинг “Норозиликнинг ўн бир қиши” (Eleven Winters of Discontent) асарида Иккинчи жаҳон урушидан кейин Совет меҳнат лагерларида сақланган 600 минг япон аскарларининг тақдири ва уларнинг урушдан кейинги Японияга қайтиши ҳақида сўз юритилади.

Муаллиф асарни ёзишда япон, рус ва инглиз архивларидан, жумладан, юздан ортиқ хотиралар ва омон қолганлар билан бўлган интервьюлардан фойдаланади. Сибир ва ундан кейин Япониядаги ҳаёт портретини яратади. Асарнинг содда персонажлари остидаги ҳақиқий одамларни очиб беради ва Совуқ уруш ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиради.

336 саҳифадан иборат асар 2022 йилнинг апрелида Гарвард университети нашриётида чоп этилиши кутилмоқда.

Дунёнинг машҳур илмий даргоҳи бўлмиш Гарвард университетининг таклифи билан ватандош олимимиз ўз китобини чоп этаётганлиги ҳар биримиз фахрлансак арзийдиган катта воқеа ҳисобланади. Шерзод Мўминов каби юртдошларимиз кўпайиб ватанимизни танитишда ва юртдошларимизга намуна бўлишини тилаб қоламиз.