Ҳиротдаги БМТ қароргоҳига ҳужум қилинди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги асосий қароргоҳига ҳужум қилинди, афғон полициячиси ҳалок бўлди ва бир нечта зобитлар тан жароҳати олди.

Ташкилоти тезлик билан ҳужум ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилмоқда ва шу мақсадда тегишли томонлар билан алоқани йўлга қўйган.

БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лйонс: “Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қилинган ҳужум жуда ачинарли ва биз уни кескин қоралаймиз”, – деди.

Ҳужум оқибатида ташкилот ходимлари жабрланмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ходимлари ва қўшинларига қарши амалга оширилган ҳужумлар халқаро қонунларга биноан қатъий равишда тақиқланган ва улар ҳарбий жиноятларга тенглаштирилиши мумкин.

Афғонистондаги ташкилотнинг ушбу қароргоҳи фаолияти тинчлик йўлидаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, барча афғонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, инсонпарварлик ҳамда ривожланиш бўйича ёрдам кўрсатишга қаратилган.