Каратэчи қиз Миср тарихида Олимпиада олтин медалини олган илк аёл спортчи бўлди

Ферял Абдулазиз шанба куни каратэ бўйича “кумите” +61 кг вазн тоифасида Озарбайжонлик жаҳон чемпионини мағлуб этиб, Олимпиада олтин медалини қўлга киритган биринчи мисрлик аёл бўлди.

Ферял Абдулазиз финалда Ирина Зарецкага қарши кечган баҳсда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. У олтин медални қўлга киритган биринчи мисрлик аёл ва мамлакат тарихида Олимпия мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган саккизинчи спортчи бўлди.

22 ёшли Ферял 2004 йилда Карам Габер юнон-рум кураши бўйича олтин медални қўлга киритган йилдан бери Мисрган биринчи олтин медални олиб келган спортчига айланди.

Каратэ бу йили доимий спорт тури сифатида эмас, балки 2020 йилги Олимпия дастурига махсус киритилган тўртта янги спорт турларидан бири бўлди.

“Умид қиламанки, одамлар (ушбу спорт турига нисбатан) ўз фикрларини ўзгартирадилар ва каратэ кейинги Олимпия ўйинлари дастурига ҳам киритилади”, – деди чемпион Ферял Абдулазиз.

Ҳозирда фармацевтлик соҳасида таълим олаётган Ферял 7 ёшида Қоҳирада каратэ бўйича машғулотларни бошлаган.

Ферял ўз оиласига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдириб, “Раҳмат, онажон, бу сизнинг ютуғингиз, меники эмас”, – деди.

Токио-2020 Мисрнинг Олимпия ўйинларидаги энг муваффақиятли иштироки бўлди. Мисрлик спортчилар битта олтин, битта кумуш ва тўртта бронза, жами олтита медални қўлга киритишди.

Ферял Абдулазиз, Мисрлик бошқа бир аёл спортчи, 26 ёшли Гиана Фарук Токио-2020 Олимпиадасида аёллар каратэси бўйича “кумите” -61 кг вазн тоифасида Мисрнинг тўртинчи медалини қўлга киритиб, учинчи ўринни эгаллаганидан бир кун ўтиб, ғалаба қозонди.