Пентагон яқинида полиция ходими ўлдирилди

Пентагон полицияси ходими сешанба куни бино ташқарисидаги транспорт марказида тўқнашувлар пайтида пичоқланганидан кейин вафот этди. Гумондор отиб ўлдирилган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги жойлашган Пентагон, бино ташқарисидаги автобус платформасида зобитга ҳужум қилинганидан сўнг, вақтинчалик “ёпиб” қўйилган.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин сешанба куни кечқурун берган баёнотида “олган жароҳатлари оқибатида вафот этган” зобитнинг ўлимини тасдиқлади.

Пентагон транзит маркази дунёдаги энг катта идора биноси бўлган Пентагондан бир неча қадам нарида жойлашган. Бинодан ҳар куни 20 мингдан ортиқ ходимлар фойдаланадилар.

Associated Press мухбири бино яқинида ўқ овозини эшитган, кейин овозлар тўхтаган, озроқ муддат ўтгач камида яна битта қўшимча ўқ отилган.

Пентагон баёнотида айтилишича, ҳудуд “полиция фаолияти” туфайли ёпиб қўйилган. Полиция тергови давом этаётгани сабабли метро поездлари Пентагонни четлаб ўтишга буюрилган.

Воқеадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтгач, ҳудуд очиб қўйилган.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг журналистларга айтишича, жаноб Остин ҳодиса содир бўлганида Оқ Уйда бўлган ва у бўлган воқеалар ҳақида дарҳол хабардор қилинган.