Қумтор иши: Бишкекда фаоллар яна АҚШ элчихонаси олдида намойиш уюштиришди

Бишкекда эко-фаоллар яна АҚШ элчихонаси ёнида намойишга чиқишди. Улар Нью Йоркда Қирғизистон ҳукумати ва Канаданинг олтин қазиб олувчи Centerra Gold Inc компанияси ўртасида бўладиган суд жараёнида адолатли қарор қабул қилинишини хоҳлашмоқда.

“Centerra музликларда чиқиндиларни сақлаш, Лисий ва Давидов музликларини йўқ қилиш ва хавфли кимёвий моддаларни ташишда бепарволик қилгани учун қонун олдида жавоб бериши керак. Барскоон дарасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли 19 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди, 66 нафардан ортиқ киши ногирон бўлиб қолди, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Улар бизнинг музликларимизни ахлатхонага айлантирганини жаҳон ҳамжамияти билиши керак. Нью Йорк суди бу фактларни инобатга олиши ва адолатли қарор қабул қилиши керак”, – деди акция ташкилотчиларидан бири Канишай Рисбекова.

Эслатиб ўтамиз, 16 май куни Centerra Gold Inc. Қумтор конида ташқи бошқарувни жорий этишга рухсат берувчи қонун қабул қилингандан кейин Қирғизистон ҳукуматига қарши суд ишларини бошлаган.

Кейинчалик Centerra Gold Inc. “Кумтор Голд Компани” ва “Кумтор Оперейтинг Компани” Нью Йорк жанубий округ судига мурожаат қилишди. 7 июль куни Centerra Gold Inc. “Centerra” нинг энг йирик акционери бўлган “Кыргызалтын” ОАЖ га қарши даъво аризаси киритди.