Токио-2020 дан сўнг: Австралия олимпиадачилари карантинга олинган

Баъзи австралиялик олимпиячилар, улар Токиодан ўз мамлакатларига қайтганларидан кейин 28 кун давомида карантинда бўлишлари кераклиги бўйича ўрнатилган қоидаларни “шафқатсиз” дея таърифлаганлар.

Сидней орқали Жанубий Австралия штатига қайтган спортчиларга икки ҳафталик қўшимча карантин белгиланган.

Австралия Олимпия Қўмитаси “Бошқа давлатлар ўз спортчиларининг қайтишини нишонлаётган бир пайтда, биз мамлакатимиз атлетларига энг шафқатсиз ва бепарво муносабатда бўлмоқдамиз” деди.

Австралия олимпия терма жамоасининг 16 аъзоси аллақачон Сиднейда карантинда жойлашганлар.

АОҚ бош ижрочи директори Метт Керолл ўз баёнотида шундай деди: “Бизнинг олимпиячиларимиз нафақат тўлиқ эмланган, балки улар кўп ҳафталар давомида ҳар куни тестдан ўтказиладиган эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда, Токиода юқори назорат остида бўлган муҳитда яшаб қайтдилар”.

Австралияда пандемия пайтида 37000 дан кам COVID-19 ҳолатлари аниқланган бўлса, вафот этганлар сони 1000 нафардан камдир.