Токио-2020: Ўзбекистон. Жалолов финалда

Делегациямиз Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бокс дастурида дастлабки медалини нақд қилиб қўйди. Бу медални Баҳодир Жалолов жамоамиз ҳисобига келтирмоқда. Ҳиндистонлик Сатиш Кумарга қарши кечган жангда Жалолов яққол устунлик билан ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Биласиз, бокс беллашувларида ярим финалда имкониятни бой берган спортчи бронза медали билан тақдирланади. Бироқ биз Жалоловдан олтин медаль кутамиз, албатта! Энди Жалолов финал йўлланмаси учун буюк британиялик Фрейзер Кларк қарши рингга кўтарилади.

Классик курашчимиз Мўминжон Абдуллаев (130 кг) биринчи даврада эстониялик Артур Витининга қарши гиламга чиқди. Тажриба бобида устун бўлган рақибимиз ушбу баҳсни ўз фойдасига ҳал қилиш учун атиги 31 сония сарфлади холос. Якуний ҳисоб 8:0. Ўзининг учинчи Олимпиадасида курашаётган маҳоратли полвонимиз Мўминжон Абдуллаев иккинчи беллашувни чорак финал босқичида чилилик рақибига қарши ўтказди. Ясмани Фернандесга қарши кечган беллашувда рақиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди Абдуллаев ҳам рақиб финалга чиққан тақдирда бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолади.

Юнон-рум кураши бўйича вакилимиз Элмурат Тасмурадов -60 кг вазн тоифасида дастлабки даврани украиналик Ленур Темировга қарши ўтказди. Баҳс украиналик курашчининг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Энди Темиров финалга етиб борган тақдирда Тасмурадов бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолади.

76 кг вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган оғир атлетикачимиз Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришнинг илк уринишида 97 кг тошни бўйсундирди. Иккинчи уринишда вакиламиз 101 кг тошни кўтара олмаган бўлса-да, сўнгги уринишда Кумушхон 101 кг тошни бўйсундиришга эришди.

Енгил атлетикачимиз Дарья Резниченко узунликка сакраш баҳсларининг “В” гуруҳида иштирок этгди. Вакиламиз 6.19 метр натижа қайд этди. Табиийки, бу саралашдан ўтиш учун камлик қилди ва Резниченко шу нуқтада Олимпиададаги иштирокини якунлади.

olympic.uz