44 йил олдинги никоҳнинг “соя”си “Темир дафтар”га тушди

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармасига ҳар куни фуқаролардан турли мазмундаги мурожаатлар келади. Уларнинг аксарияти ФҲДЁ соҳасига оиддир. Яқинда келиб тушган мурожаатлардан бирида ҳам фуқаро қонуний никоҳдан ўтиш борасида дуч келаётган муаммосига ечим излаб, ёрдам сўраган.

Мурожаатда қайд этилишича, Ургутлик, 1954 йилда туғилган фуқаро К.А. шаърий никоҳ асосида иккинчи бор турмуш қурган. Қизиғи, биринчи турмуши билан қонуний тартибда ажрашмаган. Бу эса бугунги кунда оиланинг “Темир дафтар”га кириши учун муаммо туғдирмоқда. Унинг мурожаати асосида ФҲДЁ архивидаги маълумотлар кўздан кечирилганда К.А. 1977 йилнинг 16 декабрида А.Ҳ. билан қонуний никоҳ асосида оила қургани аниқланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 16-моддасига биноан лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида биринчи никоҳ бекор қилинмасдан туриб, бошқа никоҳга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Шу асосда фуқарога ҳам шу тартиб-тамойил тушунтирилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, айрим шахсларда эр-хотин узоқ вақт бирга яшамаса ёки қонуний никоҳ тузилган бўлсаю, гувоҳномани йўқотиб қўйган бўлса никоҳ ўз-ўзидан бекор бўлади деган нотўғри ёндошув мавжуд. Агар ФҲДЁ бўлими томонидан берилган фуқаролик ҳолати билан боғлиқ бирор бир ҳужжатни йўқотган бўлсангиз, уни исталган ФҲДЁ бўлимида экстерриториал тамойилидан фойдаланиб, қайта тиклатишингиз мумкин.

Шунингдек, Оила Кодексининг 7-бобида никоҳнинг тугатилиши суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилиши алоҳида белгилаб қўйилган.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати