АҚШ Молия вазирлиги Толибон билан чекланган молиявий операцияларга рухсат берди

Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Хабарга кўра, бунинг сабаби Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдамини етказишдир. Вазирлик берган махсус лицензия инқироз даврида афғон халқининг эҳтиёжларини қоплашга қаратилганлик шарти билан АҚШ ҳукумати ва бир қатор халқаро ташкилотларга толиблар билан турли шартномаларни имзолаш имконини беради.

Вазирликнинг яна бир лицензияси эса илк эҳтиёж моллари: озиқ-овқат ва дори-дармон экспортига мўлжалланган.

Вазирликнинг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси мудири Андреа Гацкининг айтишича, расмий Вашингтон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги моллари ва керакли заҳиралар олиб келишни енгиллаштириш мақсадида молиявий муассасалар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни давом эттиради. Аммо Толибонга қарши санкциялар давом этади.