БМТ бош котибининг айтишича, дунё ядровий ҳалокат остонасида турибди

“Бутун дунёда 14 мингга яқин ядровий қуроллар сақланмоқда ва инсоният ядровий ҳалокат ёқасида турибди”, – деди БМТ бош котиби Антонио Гутерриш. 26 сентябрь Халқаро ядро қуролини бутунлай йўқ қилиш куни сифатида эътироф этилган.

Бош котибнинг таъкидлашича, инсоният ҳали ҳам тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган ядровий қирғин остонасига жуда яқин турибди. Гутерриш жаноблари “Ядро можаросининг “булутларини” тарқатиб юбориш, дунёдаги ядровий қуролларни бутунлай йўқ қилиш, ишонч ва тинчликнинг янги даврини очиш вақти келгани” ҳақида гапириб ўтди.

Август ойида БМТ бош котиби янги қуролланиш пойгаси бошлангани бўйича ўз хавотирини билдирганди. Шу муносабат билан у Россия ва АҚШнинг стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома муддатини узайтириш ҳақидаги қарорини “узоқ кутилган” деб атади. Унинг сўзларига кўра, шартномани “ядровий ҳалокат хавфини камайтириш томон босилган биринчи қадамлар” деб ҳисоблаш мумкин.