Бутун дунёдаги болаларга яхши ўрганиб чиқилмаган вирус хавф солмоқда

АҚШ, Буюк Британия, Швейцария ва Япониялик шифокорлар бутун дунёдаги болаларга ҳали яхши ўрганиб чиқилмаган респиратор-синцитиал вирус (RSV) нинг хавф солаётганини айтиб огоҳлантиришмоқда. Бу ҳақда ВВС News хабар беради.

Нью-Йоркдаги касалхоналардан бирининг болалар юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Робия Оғанинг айтишича, ёш болалар ва чақалоқларга бу янги вирус оммавий тарзда апрелдаёқ юқишни бошлаган ва натижада бўлимдаги хоналар беморлар билан тўлиб-тошган.

Олимларнинг фикрича, коронавирус пандемияси туфайли бу вирус тезлик билан тарқаб кетган, устига-устак карантин чоралари туфайли болаларнинг организмлари иммунитет ҳосил қилишга ҳам улгурмаган. Чоралар юмшатилгач, янги касаллик ҳам бирданига кўпайиб кетган.

АҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг берган маълумотларига кўра, болаларнинг кўпчилигида касаллик оддий шамоллаш ва тумов каби ўтади. Аммо баъзиларда у бронхиолит, ўпка яллиғланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.