Италиялик таниқли опера хонандаси Ўзбекистон мадҳиясини ижро этди

Италиялик опера хонандаси Сара Пасторе Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз халқи ва раҳбариятига қутлов сифатида Ўзбекистон давлат мадҳиясини ижро этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Таниқли опера ижрочиси ва актриса Сара Пасторе ижросидаги қўшиқлар «RAI» давлат телерадиокомпанияси телеканалларида мунтазам намойиш этилади. Шунингдек, у қатор миллий ва халқаро мусиқа фестивалларининг лауреати ҳам ҳисобланади.

Сара Пасторе Римдаги дунёга машҳур Санта-Чечилия  консерваториясини тамомлаган. У Италия пойтахти Опера уйининг мукофоти билан тақдирланган санъаткордир. Сара Пасторе  актриса сифатида Мел Стюарт ва Пупи Авати каби машҳур режиссёрлар томонидан  суратга олинган  бадиий ва телефильмларда  роллар ижро этган.

У, шунингдек, фильмлар ва лирик қўшиқлар учун мусиқа ҳам басталайди, ушбу ижод маҳсуллари учун «Sanremo Music Video Awards» танловида совриндорлар қаторидан ўрин олган.

Сара Пасторе Римда мамлакатимиз мустақиллиги кунига бағишлаб ўтказиладиган расмий қабул маросими чоғида Ўзбекистон мадҳиясини жонли ижро этади.