НАСА Ерни қутқариш учун космик аппаратни астероидга урмоқчи

Физикларнинг ҳисоб-китоблари шуни кўрсатмоқдаки, бундай “тажрибалар” олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мериленд университети мутахассислари келажакда ДАРТ зондининг Диморфос астероиди билан тўқнашувини симуляция қилишди ва бу самовий жисмлар ҳаракатида “тартибсизликни келтириб чиқариши” мумкин деган хулосага келишди. Тўқнашув оқибатида астероид тебранишни бошлайди, бу эса кейинчалик муаммолар келтириб чиқаради. Бу ҳақида Массачусетс технология институти Икарус нашрига асосланиб хабар бермоқда.

ДАРТ миссияси астероидни Ер учун хавфли бўлиши мумкин бўлган траекториядан “сиқиб чиқариш” йўлидаги биринчи уриниш бўлади. Бу тажрибани амалга ошириш учун НАСА мутахассислари катта Дидимос астероиди атрофида айланадиган кичик Диморфос астероидини танладилар. ДАРТ капсуласи 24 ноябрда коинотга чиқарилади ва 2022 йил октябрь ойида астероидга секундига 6,6 километр тезликда (соатига 23760 километр) урилади.

Охирги ҳисоб-китобларга кўра, 500 килограммли космик кема астероиднинг тезлигини секинлаштиради, унинг Ер атрофини айланиш даври бир неча дақиқага кўпаяди. Бир неча кундан сўнг, Диморфос орбитада тебранишни бошлайди. Бошида тебраниш деярли сезилмайди, лекин вақт ўтиши билан у тобора кучаяверади. Бир ёки икки ҳафта ўтгач, тебраниш шунчалик кучли бўладики, у астероидни қулашга олиб келади.

Бу Димофос ёки Дидимос траекториясини ўзгартириб, Ерга тушади дегани эмас. Воқеаларнинг бундай ривожланиш эҳтимоли анчагина паст. Аммо уч тонна тротилга тенг бўлган портлаш зарбаси коинотга минглаб майда астероид бўлакларини чиқариб ташлайди, уларнинг ҳаракатини эса олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Тўқнашув астероидни ўрганиш бўйича кейинги тадқиқотларни ҳам мураккаблаштиради. Миссия натижаларини баҳолаш учун “Ҳера” космик кемаси 2027 йилда астероидга етиб бориши керак, аммо Диморфоснинг тартибсиз ҳаракати миссияни хавф остига қўйиши мумкин.

Бироқ, НАСА мутахассислари ДАРТ миссияси зарардан кўра кўпроқ фойда келтиришига ишонишмоқда. Унинг натижалари келажакда инсоният хавфли астероидлардан ҳимоялана оладими ёки йўқми, уларни катта зондлар билан берилган зарбалар натижасида орбитадан чиқариб юборадими ёки йўқми деган саволларга жавоб олишга кўмаклашади.